АҚШда икки дамба ўпирилиб, аҳоли пунктларини сув босди

2018 йилги кучли довул ортидан Шимолий Каролинадаги сув омборида тошқин рўй берган эди.

АҚШнинг Мичиган штати губернатори Гретхен Уитмер Мидленд округида икки дамба ўпирилиши ортидан округда фавқулодда вазият эълон қилди.

Расмийлар маҳаллий аҳолини сув тошқинлари ҳақида огоҳлантириб, ҳудудни зудлик билан тарк этишга чорлади.

Мидленд расмийларига кўра, Эденвилл ва Санфорд номли дамбалар кейинги кунларда кузатилган кучли ёмғир туфайли ўпирилган.

Губернатор Уитмер матбуот анжумани ўтказиб,

- Кейинги 12-15 соат ичида Мидленд марказлари тақрибан 9 фут (2,7 метр) сув остида қолиши мумкин, — деди.

CNN агентлигининг хабар қилишича, тақрибан 3500 уйда яшовчи 10 минг нафар шахс эвакуация қилинади.

Хабарларга кўра, ҳозирча жароҳат олганлар ёки вафот этганлар йўқ.

Расмийлар маҳаллий аҳолига Титтабавасси дарёсидан иложи борича тепароқ ҳудудга қочишни тавсия қилди.

АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати Мидленд округидаги Титтабавасси дарёси ҳамд Стерлинг округи яқинидаги Райфл дарёси тошаётганини хабар қилди.

Хизмат дарёнинг қуйи соҳилларида яшовчи аҳоли дамбалар ўпирилгани ҳақида огоҳлантирилганини билдирди.