Адиблар хиёбонини очган Мирзиёев адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш лозимлигидан баҳс этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Адиблар хиёбонида, 2020 йил 20 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонини очиб берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Саккиз гектардан зиёд майдонда яхлит меъморий ансамбли барпо этилган Адиблар хиёбонида, қайд этилишича, Ҳазрат Навоийнинг муҳташам ҳайкали атрофида 20 дан зиёд атоқли шоир ва адиб ҳайкали яхлит меъморий ва бадиий композицияда, мантиқий ечим асосида жойлаштирилган.

Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйган президент хиёбонда амалга оширилган ишлар ва яратилган шароитларни кўздан кечирган.

Бу ерда ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар билан учрашган Мирзиёев ўзбек адабиётини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, галдаги муҳим вазифалар ҳақида сўзлаган.

“Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонлик шоир-ёзувчиларни дунёга танитишда янада фаолроқ ишлаш кераклигини урғулаган президент ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини турли тилларга таржима қилиб, нашр этиши зарурлигини қайд этган.

Шунингдек, у Адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантириш, ҳар бир адиб ҳайкалини муайян олий ўқув юртига бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказишни тавсия қилган.

Ўзбек адабиёти хазинасини интернетда тарғиб этиш яхши йўлга қўйилмаганига урғу берган Мирзиёев “Адиблар хиёбони” деб номланган интернет портали ташкил этиш таклифини ўртага ташлаган.

Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий боғида “Адиблар хиёбони”ни барпо этишга оид президент қарори 2017 йил 18 апрелида чиққан бўлиб, ўтган уч йил ичида бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.