Қирғизистонда коронавирус юқтирганлар сони 1313 кишига етди

Шу кунгача 929 бемор соғайди, 14 бемор вафот этди.

Қирғизистонда 21 май ҳолатига кўра, яна 43 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан, расмий маълумотларга қараганда, коронавирусга чалинганлар сони 1313 кишини ташкил қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, шу кунгача 929 бемор соғайди, 14 бемор вафот этди. Сўнгги бир кун ичида 19 бемор соғайди.

Корнавирусга янги чалинганларнинг 22 нафари Бишкек шаҳрида, 8 нафари Норин вилоятида, 5 нафари Ўш шаҳрида, 4 нафари Ўш вилоятида, 2 нафари Боткен вилоятида ва 1 нафари Чуй вилоятида аниқланди.

Айни пайтда Бишкекда аниқланган 22 ҳолатнинг 14таси Бишкекдаги онкология марказида қайд этилди. Бу касалхонада даволанаётган 8 бола, уч она, бир врач ва икки ҳамширадан коронавирус топилган.