“Сариқ” ва “яшил” ҳудудларда 22 майдан сайилгоҳ ва музейлар очилади

Жорий йил 22 майидан карантиннинг “сариқ” ва “яшил” тоифасига киритилган ҳудудларда очиқ сайилгоҳ, музей ва санъат галереялари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилади. Республика махсус комиссиясининг бунга оид қарори “аҳолига қулайлик яратиш мақсадида” қабул қилингани айтилмоқда.

Очилган бу объектларда қатор чекловлар сақлаб қолинади. Хусусан, коронавирус инфекцияси иккинчи тўлқинини олдини олиш мақсадида ушбу масканларга кириш жойларида мажбурий равишда ташрифчиларнинг барчаси тана ҳароратлари ўлчаган (тепловизор ёки пирометр) ҳолда киритилади, ташрифчилар шахсий ҳимоя воситаларида (ниқобда) бўлишлари ва бошқалар билан 2 метрлик ижтимоий масофани сақлашлари талаб этилади.

Ушбу масканларда ташрифчилар уч кишидан кўп бўлиб тўпланишининг олдини олинади. Бу ишни назорат қилиш сайилгоҳ, кўнгилочар маскан ва музейлар раҳбарияти зиммасига юклатилган.

Аввалроқ Озодлик Tashkent city сайилгоҳи очилгани ҳақида хабар қилган эди.