Тува раҳбари коронавирусга чалинди

Тува раҳбари Шўлбан Қара-оол.

Россия Федерацияси таркибидаги Тува республикаси раҳбари Шўлбан Қара-оол коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Бу ҳақда унинг ўзи Instagram тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди. У билан биргаликда минтақа ҳукуматининг бир неча амалдори ҳам коронавирусга чалингани боис касалхонага ётган.

Тува раҳбари “жиддий иллат” туфайли касалхонага ётқизилганини билдирди.

Қара-оол туваликларга жамоат жойларига ниқоб ва қўлқопсиз бормаслик, қўлларни ювиш ва биноларни дезинфекциялашни тавсия қилди.

У Қизил шаҳридаги коронавирусга чалинганлар учун мўлжалланган касалхонага ётқизилган. Кадрлардан унинг оддий палатада ётганини билиш мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, Тувада айни пайтгача коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 706 та ҳолат қайд этилган, бир киши оламдан ўтган.

Тува раҳбари минтақани масофадан туриб бошқаришни ваъда қилиб, одамларни қўрқитмаслик учун соғлиғи ҳақида бошқа маълумот бермаслигини айтган ҳамда яна бир бор ҳаммани карантин чораларига қатъий риоя қилишга чақирган.