Москвада Ғалаба паради 24 июнь куни ўтказиладиган бўлди

Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгуга Москвада Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллигига бағишланган Ғалаба паради ўтказишга тайёргарликни бошлаш ҳақида топшириқ берди. Парад 24 июнга режаланган. Президент иштирокидаги расмийлар мажлисини “Россия-24” телеканали трансляция қилган.

“Барҳаёт полк” юриши ва анъанавий Ҳарбий-денгиз паради 26 июль куни ўтиши керак, деди В. Путин.

Россия президенти, агар пандемия туфайли иштирокчилар учун хавф сақланиб қоладиган бўлса, юриш яна бир ой кейинга кўчирилиши мумкинлигини қайд этди.

1945 йил 24 июнида Москвадаги Қизил майдонда тарихий парад бўлиб ўтган. Парадни маршал Георгий Жуков қабул қилган, қўшинларга маршал Константин Рокоссовский қўмондонлик қилган.

Анъанавий парад ва “Барҳаёт полк” юриши май ойида коронавирус эпидемияси туфайли ўтказилмай қолганди. Даставвал расмийлар 9 май куни кенг кўламли тантана ўтказишни режалаган, ҳатто бу маросимга бир неча давлат лидерини ҳам таклиф қилиб қўйгандилар.

Бу йилги парадда 15 минг одам ва қарийб 400 дона техника иштирок этиши керак эди. Бу режага ўзгартиш киритилганми-йўқми – ҳозирча маълум эмас.