АҚШ Марказий Осиё муҳожирларини қўллаб-қувватлаш лойиҳасига 2 миллион доллар ажратади

Ўзбекистонга қайтолмай Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб турган муҳожирлар.

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAID COVID-19дан жабрланган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари эҳтиёжларини таъминлаш учун 2 миллион доллар маблағ ажаратади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълум қилди.

Мазкур ёрдам айни пайтда амалга оширилаётган “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида берилади. Лойиҳани Winrock International ташкилоти амалга оширмоқда.

“COVID-19 пандемияси Марказий Осиёдаги миллионлаб муҳожирларнинг гуманитар ва молиявий инқирозига олиб келди, уларнинг аксарияти Марказий Осиё бўйлаб транзит ва ўтиш жойларида қийинчиликларга дуч келмоқда”- дейилади расмий маълумотда.

Билдирувда айтилишича, иш ва четдан юборилаётган пул маблағларини йўқотиш оилаларни тегишли ресурсларсиз ҳамда ҳуқуқий ҳимоясиз қолдирди. Шунингдек, мигрантлар ўзларини вирусдан қандай ҳимоя қилиш тўғрисида маълумот ва ресурсларга эга эмас.

“USAID «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида жуда зарур бўлган ёрдамни тақдим этади, шу жумладан ахборот манбалари билан таъминлайди, асосий хизматларга йўлланмалар беради, муқобил турмуш тарзини қўллаб-қувватлайди, муҳожирларга ушбу қийин вазиятни енгишда ёрдам бериш учун кўникмалар ва тренинглар ўтказади. Шунингдек, лойиҳа юридик ва психологик ёрдам кўрсатиш орқали муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади”, - дейилади расмий билдирувда.