Андижон вилояти ҳокимлиги Избоскандаги юриш қатъий назорат остида ўтганини иддао қилди

Избосканда уюштирилган оммавий тадбирдан лавҳа, 2020 йил 25 майи.

Жорий йилнинг 25 май куни Избоскан туманида ўтказилган акция карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда, туман Давлат санитария эпидемиология осойишталик маркази мутахассисларининг махсус назорати остида ташкил этилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлигининг расмий муносабатида билдирилган.

Вилоят ҳокимлиги иддаосича, акция ўтказиладиган ҳудудда тадбир бошланишидан олдин зарарсизлантириш гуруҳи томонидан зарарсизлантириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, тадбир аввалида барча иштирокчилар махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, антисептик воситалари билан дезинфекция қилинган ҳолда, акцияда иштирок этишига рухсат берилган.

Хабарномада 24 май куни Избоскан туманининг Жонобод МФЙ ҳудудида яшовчи фуқарода коронавирус инфекцияси аниқлангани ва шу куннинг ўзида ушбу ҳудуд тезкорлик билан карантинга олингани эътироф этилади.

Айни пайтда ҳокимлик Жонобод МФЙ туман марказидан 4 километр, акция ўтказилган ҳудуд (Куйган ёр МФЙ)дан 10 километр узоқликда жойлашгани, ташкил этилган пиёда юриш акциясида ушбу ҳудуддан ҳеч ким иштирок этмаганлигини қўшимча қилади.

Аввалроқ Озодлик коронавирус инфекцияси аниқланган Избосканда туман ҳокимлиги “Соғлом хаёт учун 5000 қадам” оммавий пиёда юриш акциясини ташкил этгани ҳақида хабар қилган эди. Мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.