Грузияда бош вазир парламентда чиқиш қилаётган пайтда мухолифат митинг уюштирди

Георгий Гахария.

Тбилисида Грузия бош вазири Георгий Гахария 27 май куни парламентда чиқиш қилаётган пайтда мухолифат қонун чиқарувчи орган биноси олдида оммавий акция уюштирди. Митинг иштирокчилари бош вазирни россияпараст сиёсат юритаётганликда ва “евроатлантика йўналишига хиёнат қилаётганлик”да айбладилар. Фаоллар мухолифатнинг 2019 йил 20 июнидаги норозилик намойиши шафқатсизларча бостирилиши эслатиб турсин учун парламент биноси дарвозасини қизил рангга бўяшга ҳам уринишди. Акция иштирокчилари ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Гахария ўз ҳисоботида мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ва чекловларни босқичма-босқич бекор қилиш стратегияси ҳақида гапириб берди. Мухолифат партиялари аъзолари бош вазирни иқтисодий стагнация туфайли юз минглаб киши ишсиз қолган бир пайтда аҳолига инқирозга қарши амалий режа таклиф қилолмаётганликда айбладилар. Депутатлар ўтган йили парламент биноси олдидаги намойишчилар аёвсиз тарқатилганини ҳам эслатдилар. Улар бош вазирни “қонхўр жаллод” деб атадилар. Гахария мухолифатдаги “Асосий канал” телекомпанияси ҳаммуассиси Георгий Руруани қамоқдан озод қилишни истамаётганликда ҳам айбланди. Руруани мухолифат сиёсий маҳкум, деб ҳисоблайди.

Грузияда парламент биносига ҳужум 2019 йилнинг 21 июнига ўтар кечаси содир бўлган. Ўшанда мухолифат фаоллари Россия Давлат думаси депутати Сергей Гаврилов Грузия парламенти спикери креслосига ўтирмоқчи бўлгани ортидан стихияли митинг уюштиргандилар. Ҳужум чоғида юзлаб одам оғир тан жароҳати олган. Полиция норозиларни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Орадан бир неча кун ўтгач, Грузия Бош прокуратураси мухолифатнинг бир неча лидерига қарши жиноят иши очган.