Ҳонконг АҚШнинг "алоҳида эътиборидан" маҳрум бўлиши мумкин

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Ҳонконг бундан буён АҚШнинг алоҳида ёндошувига умид қилмаса ҳам бўлаверади, чунки у Хитойдан етарлича даражадаги мухториятни сақлай олмаяпти. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео 27 май куни маълум қилди.

Унинг билдиришича, Пекин айни пайтда Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. “Бу ҳужжат Ҳонконг мухторияти ва эркинлигини қўпориб ташловчи сўнгги омилдир”, деди Помпео.

Ўтган йили АҚШ Конгресси Давлат депатраментини бир йилда камида бир марта Ҳонконг Хитойдан мустақиллигини сақлаётганини тасдиқлаши шартлиги тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди. Мазкур қонунга асосан, Ҳонконг мустақиллигини Давлат департаменти тасдиқласа, Вашингтон Ҳонконга алоҳида савдо имтиёзларини сақлаб қолади. Қонунга асосан инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган Ҳонконг расмийларига нисбатан санкциялар қўлланилади.

Хитой ҳукумати “Ҳонконг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётгани ортидан Ҳонконгда яна норозилик намойишлари бошланиб кетди. Якшанба куни ўтган намойишда 200дан ортиқ норози қўлга олинган.

Ўтган йил ёзида Ҳонконгнинг пекинпараст раҳбарияти жиноятда гумонланганларни қитъа Хитойига экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш қарорини олганди. Бу оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Норозилик чиқишлари чоғида полиция билан тўқнашувлар кузатилган. Оммавий намойишлардан сўнг расмийлар қонун лойиҳасидан воз кечганлар, бироқ норозилар кўчаларга чиқиб, Хитойдан янада мустақил бўлиш ва қўлга олинган фаолларнинг барчасини озод этишни талаб қилишда давом этганлар.