Ислом уйғониш партияси раҳбарларидан бири қамоқхонавда вафот этди

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда қамоққа олинган эди.

Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партияси сиёсий кенгаши аъзоси бўлган Абдусаттор Бобоев қамоқхонада вафот этди. Расмий маълумотда айтилишича, Хўжанд қамоқхонасида сақланган Бобоев “юрак ҳуружи” оқибатида жон берган. Марҳумнинг жасади яқинларига топширилган. Жасадда зўравонлик ва қийноқ аломатлари бўлмаган.

Абдусаттор Бобоев 2015 йилда “экстремистиликка чақириш”, “экстремистик гуруҳ ташкил этиш” айбловлари билан қамоққа олинган эди. 2016 йилда у суд ҳукми билан 11 йилга кесилган. Унга нисбатан суд жараёни ёпиқ ўтган.

Тожикистонда Ислом уйғониш партияси фаолияти 2015 йилда тақиқланган ва у “экстремистик ташкилот” деб топилган. Партиянинг қатор аъзолари қамоқларга олинган, айрим аъзолар эса хориждан бошпана излашга мажбур бўлган.