ХТВ мактабларда ота-оналардан ёппасига мажбурий пул йиғилмаслиги лозимлигини билдирди

Uzbekistan - school repaired

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида синф хоналарини янги ўқув йилига тайёрлаш учун ота-оналардан кўмак фақат ихтиёрий асосда олиниши лозимлигини урғуламоқда.

Вазирлик қайдича, агар кимдир ўз фарзандини ўқишига қўшимча шароит яратмоқчи, ниманидир таъмирламоқчи ёки мактабга яна қандайдир ёрдам бермоқчи бўлса, уни бемалол қилиши мумкин.

“Жойларда мактабларнинг моддий-техник аҳволи қандай эканлигини ота-оналар яхши билишади. Лекин ҳаммага бир хил ёндашиб, ота-оналардан мажбурий пул йиғиш ҳолатларини олдини олиш керак. Ҳозирги пандемия шароитида кўпчилик иқтисодий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалада мактаб маъмуриятидан тўғри ёндашувни таъминлашни сўраймиз”, дейилади ХТВ хабарномасида.

Вазирлик мактаблар ҳомийларни жалб қилган ҳолда қўшимча маблағ топиши мумкинлигини қайд этган. Ҳомийлар турли корхона, собиқ битирувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлиши мумкин. Ҳомийлик эса ихтиёрий тарзда ва қонуний ташкил этилиши лозим, яъни пул маблағлари мактаб ҳисобига тушиши ва маблағни сарфланиши бўйича маълумот олиши учун шароит яратилиши керак.