Амир Темурнинг мунозараларга сабаб бўлган Деновдаги ҳайкали реконструкция қилинади

Денов тумани марказидаги хиёбонда ўрнатилган Амир Темур ҳайкали.

Денов тумани марказидаги хиёбонда ўрнатилган Амир Темур ҳайкали қайта реконструкция қилинади. Бу ҳақда Денов тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Ҳокимлик ўз расмий муносабатини туман марказидаги хиёбонда ўрнатилган Амир Темур ҳайкали бўйича ижтимоий тармоқларда авж олган баҳс-мунозара ортидан ёйинлаган. Тармоқ фойдаланувчилари ҳайкал қўлидаги буюм чангқоққичга ўхшаб қолганига айниқса кўп эътироз билдирганлар.

Ҳокимлик изоҳига кўра, соҳибқирон қўлида ушлаб турган ҳассадаги уч ҳалқа Темур ва Темурийлар салтанати байроғи, тамғаси ва тангаларида тасвирланганлиги тарихий манбаларда келтириб ўтилган. Шу важдан “қўлида уч ҳалқадан иборат белги бириктирилган ҳасса тутган Амир Темур ҳайкали унинг шон-шуҳрати, уч иқлимни бирлаштирган енгилмас машҳури замон бўлганлиги рамзидир”, дейилади хабарномада.