Мирзиёев рақобат муҳитини таъминлаш учун мутахассислар етишмаётгани ва стандартлар йўқлигидан баҳс этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналиш бўлиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланиб 28 май куни ўтказилган йиғилишда билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Йиғилишда корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “йўл харитаси”ни тасдиқлаш вазифаси белгиланган.

Президент давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан барча раҳбарларни рақобат асослари ва комплаенс бўйича ўқитиш муҳимлигини таъкидлаган.

Қачон рақобатга тайёр бўламиз? Соҳа ва тармоқларимиз тайёр бўлса. Соҳалар қачон тайёр бўлади? Мутахассислар бўлса. Энг заиф жойимиз: малакали мутахассислар етишмайди, технология йўқ, стандартлар йўқ. Шунинг учун бу соҳани деярли бошидан бошлашимиз керак”, деган Ш. Мирзиёев.

Йиғилишда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида монопол корхоналарнинг раҳбарлари ва ҳокимлар учун рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиб, ўқув жараёнига ҳалқаро молия ташкилотларидан эксперт ва профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, президент рақобат соҳасига оид низоларнинг малакали кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Тошкент юридик университетида шу йўналиш бўйича судьялар малакаси ошириш, судьяларни ушбу йўналишда ихтисослаштириш ва алоҳида суд коллегиясини ташкил этиш муҳимлиги таъкидлаган.

Айни пайтда у Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этган.