Қозоғистонда прокуратура тергов ҳибсхонасида жон берган фаолга оид ишни ёпди

Дулат Агадил.

Нур-Султон шаҳар прокуратураси жорий йил февралида пойтахтдаги тергов ҳибсхонасида жон таслим қилган фаол Дулат Агадил иши бўйича текширув 25 май куни “жиноятга оид ҳуқуқбузарлик ҳодисаси йўқлиги учун” тўхтатилганини эълон қилди. Пайшанба куни ёйинланган хабарномада Агадил ўлими сабаблари ва ҳолати юзасидан текширув ўтказган экспертлар унинг баданида шикастланиш аломатларини топмаганлари айтилади.

Таъкидланишича, экспертлар Агадил ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини қайд этганлар.

Дулат Агадилнинг рафиқаси Гулнар Қасимханова прокуратуранинг ишни тўхтатишга оид қароридан тамоман норози ва бу қарор устидан шикоят қилмоқчи.

Ҳукуматга қарши норозилик акцияларида иштирок билан танилган фаолни 24 февраль тунида фуқаро кийимидаги одамлар уйидан олиб кетиб, тергов ҳибсхонасига етказганлар. Эртасига эрталаб унинг жон бергани эълон қилинган. ИИВ “юрак етишмовчилиги”дан ўлганини билдирган. Бу версия фаолнинг кўплаб сафдошлари томонидан шубҳа остига олинган. Улар расмийларни Агадилнинг ўлимида айблаб, “айбдорларни жазолаш” талаби билан норозилик акцияларига чиққанлар. Бу чиқишлар ортидан уларнинг айримлари тутиб кетилган ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилган.

Дулат Агадил “юрак етишмовчилиги”дан ўлганини Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам таъкидлаган. Қозоғистон президентининг бу баёноти Агадилнинг ўлимида айбдор бўлганларни жазолаш талаби кун тартибида бўлган 1 март митинги арафасида пайдо бўлган. Бу акция иштирокчиларидан ҳам анчагинаси тутиб кетилган.

Февраль охирида Интернетда марҳум фаолнинг жасади суратга олинган видеоёзув пайдо бўлган. Кадр ортидаги овоз жасадда қора доғлар борлигини қайд этиб, уларнинг муҳтамал қийноқлардан кейин пайдо бўлган ғурралар эканини тахмин қилган. 28 февраль куни пойтахт прокуратураси Агадил жасади акс этган видео тармоққа марҳумнинг яқинлари рухсатисиз жойлаштирилгани, қора доғлар эса “мурда доғлари” эканини билдирган.

Агадилнинг ўлими бўйича жиноят иши ҳодиса содир бўлганидан уч ой ўтгач ёпилди. Бу вақт оралиғида фаолнинг оиласи одил тергов ўтказиш илтимоси билан расмийларга бир неча бор мурожаат қилган. Хавфсизлик идоралари тергов жараёнини махфий тутганлар ва ҳеч қанақа маълумот тақдим этган эмаслар. Марҳум оиласининг адвокати аввалроқ мазкур иш бўйича тергов энг бошидан “расмийлар чизиб берган чизиқ бўйлаб” олиб борилганини қайд этган.

Бугунги хабарномада прокуратура Агадилнинг қўлга олиниши ва ҳибсхонага жойлаштирилиши полиция ходимлари томонидан “суд қарорини ижро қилиш мажбурийлигига оид қонун талаблари доирасида” амалга оширилганини билдирган.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари Дулат Агадилнинг ўлимини сиёсий қатл, деб атаб, бу борада очиқ ва адолатли тергов ўтказилиши талаб қилмоқдалар. Агадилнинг ўлими юзасидан очиқ ва адолатли тергов ўтказилишига Қозоғистон расмийларини АҚШ Давлат департаменти, Буюк Британиянинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳамда ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари ҳам чақирган.