ТИВ чегарадан ўтаётган ўзбекистонликларни "пулли хизмат"дан фойдаланмасликка чақирди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) назорат-ўтказиш пункти.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси 28 май куни Қозоғистон орқали уйларига қайтаётган мухожирларни пул эвазига чегарадан ўтказиб қўйишни таклиф қилаётганлар хизматидан фойдаланмасликка чақирди.

“Бош консулхона “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктига келаётган Ўзбекистон фуқароларини маълум тўлов эвазига давлатлараро чегарани кесиб ўтишда кўмаклашишни таклиф қилувчи турли шахсларга мурожаат қилмасликка яна бир бор чақиради”, - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда.

Расмий хабарда айтилишича, Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида карантин режимининг енгиллаштирилганлиги муносабати билан фуқаролар Ўзбекистон ҳудудига ўтиш мақсадида “Жибек Жоли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктига келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси чегара ва санитар-эпидемиологик хизматларининг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида ўзбекистонликлар мамлакат ҳудудига карантин чораларига амал қилган ҳолда ўтказилмоқда.

Вазирлик одатдаги тартибда фаолият кўрсатаётган “Жибек Жоли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктида ҳозирда Олмаотадаги Бош консулхона ходими ишлаётгани ҳамда фуқароларга зарур консуллик-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатаётганини билдирди.