АҚШда коронавирус туфайли ишсиз қолганлар сони 40 миллионга етди

Калифорнияда ишсиз қолганлар квартира ҳақи бекор қилинишини талаб этиб намойиш ўтказган эди. 2020 йил, 1 апрель.

АҚШда коронавирус эпидемияси бошланганидан то шу кунга қадар 40 миллион киши ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қилди.

Сўнгги 7 кунда нафақа сўровчилар сони 2 миллион 100 минг кишига кўпайган. Бу ўтган ҳафталардаги кўрсаткичга қараганда анча оз. Аввал ҳафтасига 6 миллиондан кўпроқ одам ишсизлик нафақаси олиш учун ариза топширган.

Расмий хабарларда билдирилишича, апрель ойида ишсизлик даражаси 14 фоизни ташкил қилган. Май ойида бу кўрсаткич 20 фоизга етиши кутилмоқда.

Қўшма Штатлар март ойининг ўрталарида карантин жорий этган эди. Апрель ойидан бошлаб карантин чеклов чоралари босқичма-босқич бекор қилина бошланди. Президент Трамп маъмурияти карантин бекор қилиниши ортидан иш ўринлари тезда яна тикланишига умид қилмоқда.

Қўшма Штатларда COVID-19 инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 100 047 нафарга етди.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1,7 миллион нафар.