Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрида қабрларни экскаватор билан қазишмоқда

Озодлик радиоси тожик хизмати муҳбири Кўлобдаги қабристонлардан бирида.

Тожикистоннинг Кўлоб шаҳридаги икки қабристонда сўнгги кунларда қабрларни экскаватор билан қазишмоқда. Маҳаллий гўрковлар коронавирус пандемияси ортидан ўлганлар сони кўпайганини айтмоқдалар. Аммо маҳаллий ҳукумат бу иддаоларни рад этди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар берди.

Озодлик мухбири шаҳардаги икки қабристонда 75та янги қабр пайдо бўлганини кўрди. “Морхона” қабристонига май ойининг бошидан бери 37 одам дафн этилган. 2-сонли қабристонда ҳам 40 одам кўмилган.

Гўрковларнинг айтишларича, май ойи бошларида 20 жасадни “Тез ёрдам” машинасида олиб келишган ва шошилинч равишда дафн этишган. Бошқаларнинг дафн маросимида эса фақат бир неча одам иштирок этган.

Кўлоб ҳокимияти айни пайтда минтақада қанча одам коронавирусга чалингани тўғрисидаги маълумотларни очиқламаяпти. Аввалроқ Кўлобда 70 одам пневмониядан ўлгани айтилган. Маҳаллий фаолларга кўра, дафн этилганларнинг асосий қисми коронавирусдан вафот этганлардир. Аммо уларнинг тиббий карталарида бошқа касалликлар кўрсатилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги 28 май оқшомида коронавирус юқтириб олганлар сони расман 3563 нафарга етгани ҳақида маълум қилган.

Айни пайтда COVID-19 инфекциясидан соғайганлар сони 1674 нафарни ташкил этмоқда. Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолати қайд этилмаганини билдирган. Эпидемия бошидан бери эса инфекция важидан расман 47 киши нобуд бўлган.

Тожикистонда кўпчилик расмий статистикага унча ишонқирамай, ҳақиқий рақамлар очиқланаётганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Тожикистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолатни расмийлар 30 апрель куни қайд этганлар, ваҳоланки бунгача пневмонияга чалинган ва бу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони кунига ошиб бораётгани тўғрисида маълумотлар тушиб турган.