Прокуратура: Навоийда коронавирусга қарши кураш учун берилган 222 млн. сўм ўзлаштирилган

Навоий вилоятида COVID-19 инфекциясига қарши кураш учун ажратилган 222 миллион сўм маблағ ўзлаштириб юборилгани аниқланди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё»га маълум қилишича, маблағнинг катта қисми растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

Нашрнинг хабар қилишича, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик марказидаги "мансабдор шахслари ва бошқалар" ажратилган 5 миллиард сўм маблағнинг бир қисмини талон-торож қилган.

"Т." ва "И-П." МЧЖ дан кимёвий дезинфекция воситалари ҳамда инфекцияга қарши тиббий ҳимоя воситаларини қиммат нархларда харид қилиб, жами 222,3 миллион сўмни растрата қилиш йўли талон-торож қилган ҳолда давлат бюджетига жуда кўп миқдорда зарар етказган", дейилади хабарда.

Ҳозирда номи тилга олинган ташкилотлар раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, тергов бошланган.

22 майда Бухоро вилоятида ҳам санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўзига таниш бўлган ширкатдан дезинфекцияловчи воситаларни қиммат нархда сотиб олиб, 200 миллион сўмни талон-торож қилгани учун жиноят иши очилгани билдирилган эди.

21 майда эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳомийлик маблағлари ўғирлангани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳисобчиси "Саховат ва кўмак" жамғармасига тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 миллион сўм пулни ўзлаштиргани ҳақида Маҳалла вазирлигининг расмий изоҳи берилганди.