"Ўрикзор"даги сотувчининг ўғли ва қизида ҳам вирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, бир неча кун олдин “Ўрикзор” савдо мажмуасининг коронавирусга чалинган сотувчисининг ўғли ва қизида ҳам айни инфекция аниқланган.

Вазирлик сўнгги кунларда Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари қатори Тошкент шаҳридан ҳам аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалинганлар сони кун сайин ошиб бораётганини билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 30 майга қадар пойтахтимизда коронавирус инфекцияси аниқланган 11 фуқаронинг барчаси аҳоли орасидан касалликни юқтириб олган.

"Касалланиш кўрсаткичлари шу темпда ўсиб борса эпидемия авж олиш хавфи янада кучаяди. Бу эса аҳолидан янада ҳушёр бўлиб, ўзи ва яқинлари саломатлигига ўта масъулият билан ёндашишларини талаб этмоқда".

"Зарурат юзасидан кўчага чиқиб, уйга келганингизда ҳам қўлингизни совунлаб, қайта-қайта ювинг. Қўл бериб саломлашиш, қучоқ очиб кўришишдан тийилиш лозим. Энг муҳими, ижтимоий масофани сақланг, жамоат ва одамлар тўпланган жойлардан узоқроқ юринг, доимо тиббий ниқоб тақиб юришни унутманг", деб огоҳлантирди вазирлик.