1 июнга ўтар кечаси 77 киши коронавирусга чалингани хабар қилинди. 9 беморнинг аҳволи оғир (ИНФОГРАФИКА)

Коронавирусга чалинган 77 кишининг 38 нафари Навоий вилоятида аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 31 май соат 23:00 ҳолатига кўра,коронавирусга чалинганлар сони расман 3623 нафарга етди.

“Бугун мамлакатимизда коронавирус инфекцияси қайд этилган 77 ҳолатнинг 38 нафари Навоий вилоятидаги карантин муассасаларида тиббий кузатувда бўлган фуқаролар орасидан тасдиқланди. Шунингдек, 34 нафари карантин муассасаларида, 4 нафари (Бухоро вилоятида 3, Тошкент шаҳри 1) аҳоли орасидан ва 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида аниқланди”, - дейилади хабарда.

Вазирлик кун давомида 54 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилгани ҳақида ҳам маълум қилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, айни пайтгача касалликка чалинган 3623 нафар бемордан 2837 нафари соғайиб, даволаниш даражаси 78 фоизни ташкил этмоқда. 771 нафар бемор 7 ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда. Улардан 8 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Шу кунгача жами 416 118 нафар фуқаро карантинга олиниб, уларнинг 369 113 нафари карантиндан чиқарилган.

Ҳозирда уй карантинида 25 862 нафар, стационар карантинда эса 21 143 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.