Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди

Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди.

Олмаота ва Нур-Султон шаҳарларига кириш-чиқиш жойларига ўрнатилган блок постлар 1 июнга ўтар кечаси олиб ташланди. Кўп ҳудудларда шаҳарлараро автобуслар қатнови тикланди. Нур-Султон ҳокимияти шаҳар атрофига қатновчи барча маршрутлар қайта тикланганини билдирди.

Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат жойларида 50 нафардан ортиқ одам тўпланмаслигини, кафе ва ресторанларда столлар бир-биридан икки метр оралиқда ўрнатилишини ва дезинфекция ишларини амалга оширишни талаб қилмоқда.

Олмаотада шаҳар ташқарисидаги ва мактаблар қошидаги лагерлар ёзда ишламайди. Бироқ Чимкентда лагерлар болаларни қабул қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 31 май ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 11 308 нафарга етди. 5 404 бемор соғайди, 41 бемор вафот этди.