Сеулдан Тошкентга яна қарийб 9,5 тонна инсонпарварлик ёрдами йўлланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда Covid-19 тарқалиши олдини олиш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида мамлакатнинг Сеулдаги элчихонаси томонидан жалб этилган 97 минг 240 доллар миқдоридаги инсонпарварлик ёрдами 1 июнь куни Тошкентга етиб боради.

Бу ҳақда хабар қилган “Дунё” ахборот агентлигига кўра, гуманитар ёрдам рўйхатидан замонавий шприцли насослар, 15 минг қадоқда антисептик воситалар, 12 дона тиббий кровать ва автоматик механизмга эга бўлган кўп функцияли кўрпалар жой олган.

Инсонпарварлик ёрдами“Uzbekistan Airways” авиаширкатининг чартер юк рейси орқали жўнатилган.

Хабарга мувофиқ, яқин кунлар ичида тахминан 66 минг доллар миқдордаги ана шундай гуманитар ёрдам чартер юк рейси ташкил этилгандан сўнг Ўзбекистонга юборилиши кўзда тутилмоқда.

Коронавирусга қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореядан Ўзбекистонга аввал ҳам бир неча бор гуманитар ёрдам юборилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик.