Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимининг Косон тумани турғунига нисбатан қонунга зид равишда жисмоний куч ишлатганини эътироф этди. Бу эътироф ижтимоий тармоқларда тарқаган видеоёзувга нисбатан ИИВнинг Телеграм-каналида ёйинланган расмий муносабатида акс этган. Видеода куч ишлатар тузилма ходими косонлик йигитнинг қорнига тепганини кўриш мумкин.
Вазирлик қайдича, жорий йил 30 май куни соат тахминан 21.40 ларда Қашқадарё вилояти Косон туманида “аҳолининг карантин қоидаларига амал қилишини назорат қилиш мақсадида ўтказилган тунги рейд чоғида туманнинг Ниҳол МФЙда жойлашган “Ниҳол Саидбарака” савдо дўкони ёнида Қашқадарё вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими қонунда белгиланган вазифасидан четга чиқиб, шу МФЙда яшовчи 1992 йилда туғилган Х.М.га нисбатан ноқонуний равишда куч ишлатиб, уни шаъни ва қадр-қимматига путур етказган”.
ИИВ ҳозирда ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинлангани, шу асосда “тадбир иштирокчилари”дан ҳар бирининг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилишини билдирган.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода косонлик йигитга қўл кўтарган шахснинг Миллий гвардия ходими экани айтилганди. Аммо Миллий гвардия ўз канали орқали тарқатган билдирувида видеодаги кишининг МГ ҳарбий хизматчиси эмаслиги аниқланганини баён этган.