Қирғизистонда коронавирусдан 17-бемор вафот этди

Вафот этган 79 ёшли аёлнинг коронавирус туфайли эски касалликлари кучайиб кетган.

Қирғизистонда 2 июнь ҳолатига кўра, яна 28 одамда коронавирус аниқланди. Бу билан бу мамлакатда коронавирус юққанлар сони 1845 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усенбаевнинг билдиришича, беморлардан бир нафари 1 июнь куни Норин шаҳрида вафот этди. Вафот этган 79 ёшли аёлнинг коронавирус туфайли эски касалликлари кучайиб кетган.

“Норин вилоят касалхонасида 13 майдан бери даволанаётган бемор вафот этди. Унинг аҳволи 1 июнда кескин ёмонлашган. Унинг диагнози пневмониянинг ўта оғир кўриниши. Бундан аввал бу одам ишемик инсульт, мия инфаркти, қанд​ диабети билан оғриган экан”, -деди Нурбўлўт Усенбаев.

Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 17 кишига етди.

Қирғизистонда коронавирус илк марта аниқланган 18 мартдан 2 июнгача 1219 бемор соғайди.