Ўзбекистонда солиқ тўловчилар сафига Huawei ҳам қўшилди

Huawei Ўзбекистонда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган хорижий ширкатлар қаторига қўшилди.

Давлат солиқ қўмитасига қарашли tax.uz сайти қайдига кўра, Huawei Services (Hong Kong) Co., Limited ширкати 1 июнь куни рўйхатдан ўтган.

Аввалроқ Google, Facebook, Apple, Netflix, Samsung, Яндекс каби ширкатлар Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олинганди.

Ўзбекистонда 2020 йил бошидан жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хориж компаниялари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш тартиби жорий этилганди. Бу каби ширкатларни рўйхатга олиш учун ДСҚ томонидан махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – tax.uz сайти яратилган.

Айни пайтда ҚҚС-офисида рўйхатдан ўтган хорижий ширкатлар сони 14 тага етган.