Сардобаликларга кўмак учун йўлланган ҳарбийлар доимий манзилларига қайтишди

Сардоба тошқини туфайли вайрон бўлган уйни тозалаётган ҳарбийлар, Сирдарё вилояти, 2020 йил май ойи.

Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш мақсадида Сирдарё вилояти Сардоба туманига сафарбар қилинган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округи қўшинлари 1 июнь куни колонна билан Самарқанд, Жиззах ҳамда Каттақўрғон гарнизонларига қайтарилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, тошқин рўй берган жойга 2 май куни етиб борган ҳарбий хизматчилар қарийб бир ой давомида табиий офатдан азият чеккан аҳолига кўмак кўрсатган.

Хусусан, улар “Қўрғонтепа”, “Дўстлик” ва “Юртдош” маҳалларидаги 2148 та хонадонда тозалаш-таъмирлаш ва уйларни қайта тиклаш ишларини бажарганлар, хонадон эгалари учун вақтинчалик чодирлар ҳамда тандир ва ўчоқ қуриб берганлар.

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида 1 май куни юз берган техноген фалокат туфайли яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босган, тошқин оқибатида 6 киши ҳалок бўлган. Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та аҳоли пунктидан 90 мингга яқин киши эвакуация қилинган.​