Жаҳон бўйлаб коронавирус туфайли оламдан ўтганлар сони 375 мингдан ошди

Бразилиялик врачлар коронавирусга чалинган бемор билан, 2020 йил май ойи.

Коронавирус инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони дунё бўйлаб 375 минг нафардан ошиб кетди. Жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони эса 6 миллион 300 минг нафарга етиб қолди.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, ҳозирда коронавирус қурбонлари сони бўйича АҚШ дунёда биринчи ўринда бормоқда. Қўшма Штатларда бу иллат туфайли қазо қилганлар сони 105 мингдан ошган. Ўлимлар сони бўйича иккинчи ўринни Буюк Британия (39 мингдан кўпроқ ўлим ҳолати), учинчи ўринни эса Италия (қарийб 33 минг ўлим) эгаллаб турибди.

Сўнгги маълумотларга кўра, шу кунда Бразилия пандемиянинг янги марказига айланган. У ерда COVID-19 инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 526 мингдан зиёд ҳолат қайд этилган. Бу мамлакат ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШдан кейин (1,8 миллиондан кўпроқ бемор) иккинчи ўринга чиқиб олган. Коронавирус юқтириб олганлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда Россия (423 мингдан кўпроқ) бормоқда.