Қирғиз махсус хизмати: Азаттиқ мухбири журналистик суриштирув учун пул олган, аммо буни тасдиқловчи ҳужжат йўқ

Қирғиз парламенти махсус комиссияси йиғилиши.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирлари божхонадаги пул ювиш схемаси тўғрисида журналистик суриштирув учун “манфаатдор шахслардан 100 минг доллар миқдорида пул олган”, деб иддао қилмоқда.

Бу иддао 2 июнь куни қирғиз парламентининг Туркияда ўлдириб кетилган уйғур ишбилармони Айэркин Саймаити иши юзасидан тузилган махсус комиссияси йиғилишида айтилди. Миллий хавфсизлик хизматига кўра, иккита гувоҳ Саймаити уларга журналистларга пул бергани тўғрисида гапирганини тасдиқлаган. Айни пайтда Миллий хавфсизлик хизмати журналистлар пул олганини тасдиқловчи ва исботловчи ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмаслигини тан олди.

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти Жейми Флей бу иддаога муносабат билдирар экан: “Журналистларни қоралаш ўз бойлиги ва ҳокимиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган коррупциялашган шахсларнинг ўч олиш ҳаракати бўлиши мумкин”, деб билдирди.

Ўтган йили Истанбулда яшаётган Саймаити Озодлик радиоси қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий манбаси бўлган эди. У Қирғизистондаги фаолияти давомида божхона хизматидаги коррупция ва камида 700 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетгани тўғрисида маълумот берган. Журналистик суриштирувда “коррупциялашган амалдор” қаторида Қирғизистон божхона хизмати раисининг ўша пайтдаги ўринбосари Раимбек Матраимов номи айтилган.

Ўтган йили Саймаити Истанбулда ўлдириб кетилган эди. Шундан сўнг қирғиз парламентида Саймаити ўлимини ўрганиш юзасидан махсус комиссия ташкил этилган.

Мазкур журналистик суриштирув ортидан Қирғизистонда коррупцияга қарши кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтган.