Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди

Архивдан олинган сурат.

Коронавирус пандемияси туфайли Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди. Бунга оид қарор COVID-19 ёйилишининг олдини олиш бўйича Республика штаби томонидан қабул қилинган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мазкур қарорга мувофиқ, Тожикистон умумтаълим мактабларининг 9- ва 11-синф битирувчилари етуклик аттестатларини имтиҳонсиз – чорак ва йиллик баҳолар асосида оладилар.

Бироқ, Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати ходими Суннатулло Имомов сўзларига кўра, олтин ва кумуш медалларни олиш учун танлов шартлари аввалгидек қолади. Олтин ёки кумуш медалга эга бўлиш битирувчи учун мамлакат олий таълим муассасаларига киришда муайян имтиёзлар беради.

2020 йилда Тожикистон ўрта мактабларининг 11-синфини 123 минг нафар, 9-синфини эса 162 минг нафар ўқувчи битиради.

Абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари эса Тожикистонда 1 июлда бошланиб, 7 июлгача давом этади.