Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири одамларни митингга чиқмасликка чақирди

Олмаота шаҳри кўчаларидан бири бўйлаб кетаётган полиция ходимлари, 2020 йил 1 майи (иллюстратив сурат).

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов коронавирус пандемияси чоғида одамларни митингга чиқмасликка чақирди. Биртанов 4 июнь куни бўлиб ўтган онлайн-брифингда карантин чоғида оммавий тадбирлар тақиқлангани, чунки одамларнинг бир жойда кўпчилик бўлиб тўпланиши инфекция тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтди.

“Қонун талабига риоя қилиш шарт. Қозоғистонда эпидемия шароитида бош санитар врач қарори мажбурий бўлиб ҳисобланади. Қонунни бузганларга қарши маъмурий чоралар кўрилиши мумкин. Бундай тадбирлар ташкилотчиларга мурожаат қиламан - тадбирларингизни кечиктиринг. Бугунги кунда бу, моҳиятан, аҳоли учун хавфли тадбирга чақириққа тенг, чунки хасталик ёйилиб кетиши мумкин”, деди Биртанов.

Қозоғистоннинг бир неча шаҳрида одамларни 6 июнь куни митингга чиқишга мухолифатдаги 2 гуруҳ чақирган. Булардан бири “Қозоғистон демократик танлови” (Қозоғистонда “экстремистик ташкилот” сифатида тақиқланган, бироқ Европарламент резолюциясида “тинч мухолифат ташкилоти” дея эътироф этилган) ҳаракати лидери, хорижда яшаётган собиқ банкир ва мухолифатчи Мухтар Аблазов, иккинчиси эса журналист ва фаол Жанбўлат Мамай бошчилигидаги Демократик партия тузиш бўйича ташаббускор гуруҳдир.

Қозоғистонда муҳтамал норозилик намойишлари арафасида одатда олдини олиш чораси ўлароқ фаоллар тутиб кетилади. Аввал митингларга чиққан одамлар маъмурий ҳибсга дучор қилинади, “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибига оид қонунларни бузганлик” айблови билан жаримага тортилади. Митинглар ўтказиладиган жойлар эса кўпинча қуршобга олиниб, у ерга борган одамлар ушлаб кетилади.

Аввалроқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистон расмийлари карантин чораларидан фойдаланган ҳолда ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаётгани ҳамда фаолларга босимни кучайтираётгани юзасидан хавотир изҳор қилганлар. Хусусан, Human Rights Watch ташкилоти ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши кўрилаётган чоралар мақсадга мувофиқлик чегарасидан четга чиқиб кетаётганини билдирган.