Жаҳонда коронавирусдан ўлганлар сони 400 мингдан ошди

Коронавирусга чалинганлар сони 6 миллион 900 минг кишидан ошди.

Жаҳонда коронавирусдан ўлганлар сони 400 минг кишидан ошиб кетди. Лотин Америкаси, Ҳиндистон ва Индонезияда коронавирус авжига чиққани ўлимлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда Шарқий Осиё ва Европа давлатларида коронавирус юққанлар ва ундан ўлганлар сони озайиб бораётгани кузатилмоқда.

Коронавирус статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, 7 июнь ҳолатига кўра, жаҳонда коронавирусдан ўлган беморлар сони 400 минг 13 нафарга етди. Коронавирусга чалинганлар сони 6 миллион 900 минг кишидан ошди.

Виурсдан қаттиқ жабрланган Европа давлатлари ўз иқтисодиётларини тиклаш учун босқичма-босқич чегараларини очмоқда. Коронавирус тарқалишига сабабчи бўлган Хитойда эса кунига бир неча одам касалликка чалинаётгани айтилмоқда.

Айрим экспертлар Хитой коронавирус ҳолати тўғрисида ўз вақтида ошкора маълумотларни бермагани жаҳонда вирус тарқалишига сабаб бўлганини билдириб, Хитой ҳукуматини танқид қилиб келмоқда.

Аммо Хитой ҳукумати 7 июнда ўз ҳисоботини эълон қилди ҳамда коронавирус ҳақида жаҳон давлатларига ўз вақтида етарли маълумотларни тақдим этганини билдирди.