Cўхлик ёшлардан 230 нафари қурилиш ишлари учун Тошкентга йўлланди

Сўхлик 500 нафар ёшни Тошкентда иш билан таъминлаш ваъдасини 3 июнь куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон бош вазири А. Арипов берган.

Сўх туман марказида рўйхатга олинган ишсиз ёшларнинг биринчи гуруҳи (230 нафар) 8 июнь куни автобусда Фарғона шаҳрига жўнаб кетган. Улар Фарғонадан Тошкент шаҳрига – Tashkent City томон йўл олишади. Бу ҳақда Сўх туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, коронавирус пандемияси туфайли хорижга чиқиш имконияти йўқлиги боис бу йил минглаб сўхлик ёш туманда қолган. Ишсизлик муаммосига 3 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида Сўх тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида ҳам алоҳида урғу берилган.

Мазкур йиғилишда Бош вазир сўхлик ёшлардан 500 нафари пойтахт Тошкент шаҳридаги қурилишларга сафарбар этилишини таъкидлаган. Ариповнинг бу ваъдасидан келиб чиқилса, туман ёшларидан яна 270 нафари яқин кунларда пойтахтга йўл олиши мумкин.

Чоршанба куни Сўхда бўлиб ўтган йиғилишда эксклавда олий маълумотли кадрлар етишмовчилиги ҳақида ҳам сўз юритилган ва Тошкентдан келган расмийлар томонидан Республика раҳбари сўхлик ёшларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун 500 та квота ажратажаги билдирилган.