БМТ пандемия жаҳонда озиқ-овқат етишмовчилиги кучайишига сабаб бўлши мумкинлигидан огоҳлантирди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш 9 июнда видеомурожаат билан чиқди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш қашшоқлик ва коронавирус эпидемияси ортидан “жаҳонда озиқ-овқат инқирози” юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

9 июнда қилган видеомурожаатида Гуттериш: “Озиқ-овқат тизими ишдан чиқмоқда, COVID-19 пандемияси эса вазиятни янада мураккаблаштирмоқда”, - деб айтди.

БМТнинг ҳисоб-китобича, бугунги кунда жаҳонда 820 миллион одам очликда яшамоқда. 5 ёшгача бўлган 144 миллион бола етарли овқатланмаслик оқибатида ривожланишдан ортда қолмоқда.

-Агар тезкор чоралар кўрилмаса, глобал озиқ-овқат инқирози миллионлаб катталар ва болалар учун узоқ муддатли муаммоларни келтириб чиқаради,- деди Гуттериш.

Жаҳон банки 8 июнь куни эълон қилган ҳисоботида коронавирус пандемияси оқибатида жаҳонда яна 71-100 миллион одам қашшоқлик даражасига тушиб қолиши мумкинлигини билдирган.

Гутерриш давлатларни озиқ-овқат саноати ходимларининг ижтимоий ҳимоясини яхшилашга, озиқ-овқат таъминотида ва гуманитар ёрдамларни етказишда узилишга йўл қўймаслик учун ишлаб чиқарувчилар ва дистибюторларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, жаҳонда 7 миллион 160 мингдан кўпроқ одам коронавирусга чалинган. Беморлардан 408 мингдан кўпроғи вафот этган.