Фарғона ва Боткен ҳокимлари Сўхдаги муаммоларни муҳокама қилди

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва қирғиз ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Алишер Абдураҳмонов.

Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва қирғиз ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Алишер Абдураҳмонов 9 июнь куни учрашиб, ўзаро дўстона муносабатлар масаласини муҳокама қилди.

Фарғона вилоят ҳокимлигининг билдиришича, учрашувда чегара қўшинлари, хавфсизлик хизмати, ички ишлар, божхона бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда вилоят прокурорлари, Қирғизистон Республикаси ҳукумати аъзолари иштирок этди.

“Қирғизистон делегацияси аъзолари улар томонидан мамлакат ҳудудидан анклав Сўх тумани ҳамда Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига аҳолининг эркин бориб-келишида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммолар бўлмаслигини, бу ҳудудларга озиқ-овқат, халқ истеъмоли ва қурилиш моллари етказувчи юк машиналарининг ҳаракати асло чегараланмаслигини алоҳида урғуладилар”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамда яйловлардан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

31 майда Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистонинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи ўртасидаги булоқ суви талашидан жанжал келиб чиққан эди.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлгани расман билдирилган.