Туркманистонда пневмония авж олди, маҳаллий шифокорлар бунинг COVID-19 эканини айтмоқда

Ашхободдаги Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш маркази.

Туркманистонда аҳоли орасида пневмония (зотилжам) хасталиги авж олгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар қилди.

Айтилишича, 10 июнь ҳолатига кўра, пойтахтнинг юқумли касалликлар шифохонаси пневмониянинг оғир шаклига чалинган беморлар билан тўлиб кетган. Бу орада Туркманистон расмийлари мамлакатда коронавирус йўқлигини иддао қилишда давом этмоқда.

Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш маркази ходимлари Озодликнинг Ашхободдаги мухбирлари билан суҳбатда марказга аҳволи жуда оғир бўлган беморлар келаётгани, ўлим ҳолатлари ҳам кузатилаётганини билдирганлар.

Шифохона врачининг айтишича, кеча Ахал вилояти Бахерден этрапи Ноҳур овулидан ёши ўтган бир кишини олиб келишибди. У нафас олишга қийналаётган экан, флюорография қилишга қарор қилишибди. Аммо беморнинг аҳволи жуда оғир бўлгани туфайли у рентген аппарати ёнида жон берибди. Ҳозир унинг кимлар билан алоқада бўлганини аниқлаётган эканлар”, дея хабар қилди Озодлик мухбири.

Врачлар фикрича, бунинг коронавирус эканига шубҳа йўқ. Аммо тест ўтказишга ва умуман коронавирус ҳақида гапиришга рухсат берилмаяпти. Врачлар айниқса қарияларни авайлаб-асраш, уларни ҳеч қаёққа юбормаслик ҳақида огоҳлантиряптилар”, дейди Ашхободдаги мухбир.

Озодликнинг Лебап тиббиёт муассасаларидаги манбаларидан олинган маълумотларга кўра, кўп тармоқли касалхона анестезиологининг ҳамшираси коронавирус юқтириб олган. Уни ва оиласини, шунингдек, бемор билан алоқада бўлган ходимлар ва қўшниларини карантинга жойлаганлар.

Туркманистонда аҳолига коронавирус ҳақида гапириш, врачларга эса хасталикни диагностика қилиш тақиқланган.

Мамлакат раҳбариятининг COVID-19 йўқлигига оид баёнотлари қабатида халқаро ташкилотлар ва бошқа мамлакатларнинг ҳукуматлари расмий Ашхободни коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида тўғри маълумотлар тақдим этиш бўйича масъулиятли бўлишга чақирмоқда.