Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Тошкентдаги Марказий банк биносининг кириш қисми.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати 11 июнь куни маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур қарор инфляция прогнозининг барқарор пасайиш тренди шаклланиб бораётганлиги ҳамда иқтисодиётнинг тикланиш шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш билан изоҳланади.

“Марказий банк инфляция прогнозининг пасайишидан келиб чиққан ҳолда, кейинги йиғилишларда асосий ставка даражасини пасайтириш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Келгусида ҳам Ҳукумат билан биргаликда 2023 йилга қадар инфляциянинг 5 фоизлик доимий мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча чоралар кўрилади”, дейилади МБ хабарномасида.

Марказий банк апрель ойидаасосий ставкани йиллик 16 фоиздан 15 фоизга пасайтирган ва бу қарор инфляция даражаси пасайишига оид прогнозни эътиборга олган ҳолда қабул қилинганини билдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2020 йил 23 июлига белгиланган.