Пекинда икки ойда илк маротаба янги коронавирус ҳолатлари қайд этилди

Уханда тиббиёт ходими коронавирус учун таҳлил намунасини олмоқда, 15 май, 2020

14 июнь куни Хитойда 57 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Бу мамлакатда сўнгги икки ой ичида кузатилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, эпидемия қайталаниши мумкинлиги ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда.

57 ҳолатнинг 36 таси пойтахт Пекинда қайд этилди.

Инфекция шаҳардаги егулик бозорида тарқалгани айтилмоқда. Шу сабаб расмийлар бозорни ёпиб, унинг атрофидаги 11 туманда чекловларни жорий қилди.

Қарийб 50 кун давомида Пекинда бирорта ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган эди.

Пекиндаги янги ҳолатлар вирусдан бутунлай қутулиш мушкуллигини кўрсатмоқда.

Янги коронавирус 2019 йилнинг декабрида Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқала бошлаган эди.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, айни пайтда дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 7,8 миллиондан, қурбонлар сони эса 430 мингдан ошган. Беморлардан қарийб 4 миллиони соғайиб кетган.