Жаҳонда ядровий қуроллар сони озайди

SIPRIнинг билдиришича, жаҳондаги ядровий қуролларнинг 90 фоизига АҚШ ва Россия эгалик қилади.

Швеция пойтахти Стокҳолмдаги Тинчлик масалалари бўйича халқаро тадқиқот институти (SIPRI)нинг билдиришича, жаҳонда ядровий қуроллар сони озайди, айни пайтда ядровий қуролга эга бўлган давлатлар ўз қуролларини модернизация қилишда давом этмоқда.

SIPRI 15 июнда эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, ядровий қуролга эга бўлган 9 давлат – АҚШ, Россия, Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Кореяда 2020 йил бошида 13 400 ядровий қурол бўлган. Бу эса 2019 йилдагига қараганда 465тага оздир.

Ядровий қуроллар сонининг камайишига асосан Россия ва АҚШнинг ядровий каллакларни қисқартиргани сабаб бўлди. Бу икки давлат жаҳондаги ядровий қуролларнинг 90 фоизига эгалик қилади. АҚШ 385та, Россия 125та ядровий каллакни утилизация қилган. Аммо Хитой, Британия, Ҳиндистон ва Шимолий Корея ядровий қуроллари сонини кўпайтирган.

АҚШ ва Россия ўртасидаги ядровий қуролларни қисқартириш бўйича шартнома муддати 2021 йилда якунланади. Шу муносабат билан АҚШ июнь ойи охирларида Россия билан янги шартнома муҳокамасини бошлашини билдирди. Вашингтон бу шартномага қўшилишга Хитойни ҳам таклиф қилмоқда.