Маҳалла вазирлиги: Алишер Усмонов берган 5 миллион доллар 20,5 минг оилага бўлиб берилди

Алишер Усмонов 5 млн. АҚШ доллари хайрия қилган.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси 300мингдан кўпроқ оилага моддий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда АОКАда 16 июнда ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълумот берди.

Унга кўра, “Саховат ва кўмак” жамғармасига шу кунга қадар 194 млрд 625 миллион сўм маблағ келиб тушди. Бу маблағ ҳисобидан 300 минг 383 та оилага 118 миллиард 995 миллион сўм кўмак кўрсатилди. Молиявий кўмакнинг 71 млрд 110 млн сўмигина 67 296 та оилага нақд пул кўринишида берилган. Маблағнинг қолган қисми дори, ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалари ва бошқа турдаги маҳсулотлар учун сарфланган.

Саодат Боймирзаеванинг айтишича, жамғармага келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов 5 млн. АҚШ доллари хайрия қилган.

“Ушбу маблағ Андижон, Наманган, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари томонидан шакллантирилган 19009 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога 2 500 000 сўмдан пластик карточкаларга кўчирилди. Тошкент шаҳридаги 63 та маҳалладан 1515 нафар фуқарога 2 500 000 сўм маблағ пластик карточкаларга кўчирилди”, - деди расмий.