Ўзбекистонда ноёб ҳодиса - ҳалқасимон қуёш тутилишини кузатиш мумкин бўлади

Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудида қисман қуёш тутилиши кузатилади. Фанлар Академияси Астрономия институти сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистонда 21 июнь куни ҳалқасимон қуёш тутилишини кузатиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Фанлар Академиясининг Улуғбек номидаги Астрономия институти хабар берди.

Хабарда айтилишича, тўлиқ шаклдаги ҳалқасимон тутилишнинг тўлиқ фазасида қуёш юзасининг 99,4 фоизи қопланади. Қуёш тутилиши тўлиқ фазасининг давомийлиги 38 секундга тенг бўлади.

Қуёш тутилишини Ўзбекистондан ташқари Африка, Арабистон ярим ороли, Евросиё, Япон ва Малай архипелаги ҳамда Австралия ҳудудларида жойлашган 111та давлатда кузатиш мумкин. Аммо фақат 14та давлат аҳолиси тўлиқ шаклдаги ҳалқасимон қуёш тутилишини кузатиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудида эса қисман қуёш тутилиши кузатилади.

“Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида қуёш юзасининг 39 фоиздан 50 фоизгача бўлган қисми, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида эса қуёш юзасининг 58 фоизгача бўлган қисми Ой томонидан тўсилади. Республиканинг энг жанубий ҳудуди – Термиз шаҳрида эса бу қиймат 63 фоизгача етади”, - дейилади хабарда.

Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 10:01да бошланади, максимум фазаси эса 11:24да кузатилади. Шу пайтда Ой қуёш юзасининг 51 фоизини тўсади.

Тошкент шаҳрида қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соат 49 дақиқани ташкил этади. Соат 12:51да қуёш тутилиши якунига етади.

Астрономия институти “оптик қурилмалар - дурбин ёки телескопдан зинҳор қуёшга қараманг! Бу кўзга зиён етказади. Қурилмалардан фойдаланишдан аввал уларга албатта махсус қуёш фильтрларини ўрнатиш керак”, - деб огоҳлантирди.