Япония Ўзбекистонга тиббий ускуналар етказиб бериш учун 4,5 млн долларлик грант ажратди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов (ч) ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори (ў), Тошкент, 2020 йил 17 июни (ССВ матбуот хизмати фотоси).

Япония ҳукумати Ўзбекистонга умумий миқдори 500 миллион иенлик (тақрибан 4,5 миллион АҚШ доллари) грант ажратди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, Токионинг беғараз ёрдам дастури доирасида юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш лойиҳаси бўйича ҳужжатлар тўплами 17 июнь куни соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов ҳамда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фужияма Ёшинори томонидан имзолаган.

Қайд этилишича, Япония ажратган маблағларга ультратовуш аппарати, рақамли рентген аппарати, компьютер томографи, маммограф каби замонавий технологиялардан иборат инновацион кўчма диагностика станцияси (контейнер); ПЦР лабораторияси, ультратовуш аппарати, рақамли рентген аппарати, маммографдан иборат юзлаб касалликларга қисқа фурсат ичида аниқ ташхис қўйиш имкониятига эга бўлган кўчма лаборатория (контейнер); шунингдек, юқумли касалликлар шифохоналари учун 3 та компьютер томографи етказиб берилади.

Лойиҳадан мақсад COVID-19 пандемияси даврида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими моддий техник базасини янада мустаҳкамлашдан иборатлиги айтилмоқда.

ССВ кўплаб юқори технологияли ускуналарни ўзида жам қилган ушбу мобил поликлиникаларни Ўзбекистоннинг исталган ҳудудига етказиш мумкинлигини урғулаган.