АҚШда коронавирус қурбонлари сони мамлакатнинг I Жаҳон урушида берган қурбонлари сонидан ошиб кетди

Нью-Йорк хастахоналаридан бирининг эшиги олдида турган “тез ёрдам” машинаси, 2020 йил 1 апрели.

Америка Қўшма Штатларида коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони мамлакатнинг Биринчи жаҳон уруши йилларида берган қурбонлари сонидан ошиб кетди.

Жонс Ҳопкинс университети ҳисоб-китобига кўра, эпидемия бошланганидан бери АҚШда 117 мингдан зиёд бемор оламдан ўтган. Биринчи жаҳон уруши пайтида 116 минг 516 нафар америкалик нобуд бўлган, улардан 53 минг нафардан кўпроғи жангларда ҳалок бўлган, 63 минг нафари эса хасталик туфайли (асосан грипп эпидемияси чоғида) жон берган.

Қўшма Штатларда кунига 23 минг чоғли одам коронавирусга чалинаётганига қарамай, мамлакат бўйлаб корхоналар очилиши давом этмоқда.

Хасталаниш билан боғлиқ янги ҳолатлар аҳоли орасида оммавий тест ўтказилаётгани билан ҳам изоҳланиши мумкин, бироқ соғлиқни сақлаш соҳасидаги экспертлар янги ҳолатларнинг иқтисодий фаолият тикланаётгани билан ҳам боғлиқ бўлишини мумкинлигини айтмоқдалар.

АҚШ президенти Дональд Трамп иқтисодиётни тиклаш лозимлигини урғулаб, қатъий карантин чоралари бошқа киритилмаслигини ваъда қилмоқда, ваҳоланки мамлакатда COVID-19 инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари шу кунда 2,1 миллиондан ошиб кетган.

Бу орада АҚШ, Мексика ва Канада халқаро қатновлар бўйича чекловлар муддатини 21 июлгача узайтириб, ўз чегараларини ёпиқ ҳолда сақлаш юзасидан келишувга эришганлар.