Афғонистонда Толибон ҳужумларни давом эттирмоқда

Афғонистон ҳукумати қамоқдан озод қилган Толибон жангарилари.

Афғонистон расмийларининг билдиришича, 17 июнь куни Толибон жангарилари Жавзон вилоятидаги назорат-ўтказиш пунктига ҳужум қилгани оқибатида хавфсизлик кучларининг 12 ходими ҳалок бўлди.

Вилоят ҳокими матбуот котиби Абдулмаъруф Азарнинг айтишича, Акча туманига қилинган мазкур ҳужумда яна беш киши ярадор бўлган. Толибон жангдан сўнг тўрт нафар хавфсизлик ходимини гаровга олган.

Азарга кўра, отишма пайтида Толибоннинг беш жангариси ўлдирилган, ўн жангари яраланган. Толибон ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди, бироқ жангда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар тўғрисида маълумот бермади.

Қундуз вилоятида ҳам Толибон афғон армияси блок-постига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида Афғонистон миллий армиясининг беш аскари ҳалок бўлди, 7 аскар яраланди.

Ғазни вилоятида эса минемёт снаряди портлаши оқибатида тўрт нафар бола ҳалок бўлди, уч бола яраланди.