Прокуратура суддан Қирғизистон собиқ президенти Атамбаевга 15 йиллик қамоқ сўради

Атамбаевга нисбатан суд жараёни пайтида олинган фотосурат.

Қирғизистонда 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевга суд ҳукми ўқилиши кутилмоқда.

Қирғизистон прокуратураси жиноят олами авторитетларидан бири Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатганликда айбланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 15 йилга қамашни талаб қилди.

16 июнь куни прокуратура Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судида ўтган жараёнда Атамбаевни барча давлат мукофотларидан маҳрум этишни ва унинг мол-мулкини мусодара қилишни сўради.

Азиз Батукаев 2013 йилда “оғир касалликка чалинган ва бир неча ойлик умри қолган”, деган сабаб билан қамоқхонадан озод этилган эди. У ўша куниёқ самолётда Қирғизистонни тарк этган ва Чеченистондан бошпана топган.

Мазкур жиноят иши доирасида Қирғизистон ҳукуматининг 19 собиқ амалдори ва тиббиёт ходимлари қамоққа олинган. 63 ёшли Атамбаев айбловни тан олмади.