Трамп маъмурияти ва Адлия вазирлиги Болтоннинг китоби нашр этилишини тақиқламоқчи

Трамп маъмуриятининг билдиришича, Болтон китобида миллий хавфсизликка оид махфий маълумотлар мавжуд.

АҚШ Адлия вазирлиги президентнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг китобини нашр этишни вақтинча тақиқлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилди.

Аввалроқ Болтон мемуаридан парчалар эълон қилинган эди. Шундан сўнг Дональд Трамп маъмурияти 17 июнда Болтон китобини нашр этишни тақиқлашга кун давомида икки марта ҳаракат қилди.

Трамп маъмуриятининг билдиришича, Болтон китобида миллий хавфсизликка оид махфий маълумотлар мавжуд ва Болтон китобни нашр этишдан олдин “текширувдан ўтказишга розилик бермади”. Расмий билдирувда таъкидланишича, Болтон Трампнинг маслаҳатчиси лавозимига тайинланаётганда, мемуарларини текширувдан ўтказиб, кейин эълон қилиш мажбуриятини олган эди.

Болтон мемуарларидан эълон қилинган парчада Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпинга яна бир муддат президентликка сайланишга кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилган ва Хитойда уйғурларни “қайта тарбиялаш лагерлари” ташкил этилишини оғзаки равишда қўллаб-қувватлаган.

Президент Дональд Трамп 18 июнда Болтоннинг китобини “ёлғон ва тўқимадан иборат тўплам”, деб атади.