Тожикистонда 47 ёшли эркак туман маъмурияти биноси олдида ўз жонига қасд қилди

Абдуғаффор Аскаров (архив сурати).

Рудакий туманидаги Лоҳур қишлоқ кенгашига қарашли Тубек қишлоғи турғуни Абдуғаффор Аскаров 16 июнь куни туман маъмурияти биноси олдида сирка ичиш орқали ўз жонига қасд қилди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, ҳодисадан сўнг Аскаров зудлик билан касалхонага етказилган, бироқ врачлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлолмаганлар.

Маҳаллий расмийлар Аскаров руҳий касал бўлганини иддао қилмоқда. Ўз жонига қасд қилиш ҳодисаси бўйича маҳаллий ИИБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари бошланган.

47 ёшли Абдуғаффор Аскаровнинг яқинлари 19 июнь куни Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда кўплаб маиший муаммолар унинг ҳиссий ва руҳий ҳолатида ўз аксини топганини билдирганлар. Уларнинг айтишича, вояга етмаган ўғлининг ўғриликда айбланиб, 6 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлиги сабр косаси тўлган Аскаров учун сўнгги томчидай бўлган.

Аскаровнинг танишлари унинг бир йил аввал Россиядан қайтиб келгани ва ҳеч қаерда ишламай юрганини айтганлар.

“Абдуғаффор нафақа олиш учун ёрдам сўраб маҳаллий расмийларга бир неча бор мурожаат қилган, бироқ унга ҳеч ким ёрдам берган эмас. У расмийларнинг бефарқлигидан жуда хафа бўлиб юрганди”, деган унинг қариндошларидан бири.

Авваллари Аскаровлар оиласи йилига 400 сомонийдан (ҳозирги курс билан тақрибан 40 АҚШ доллари) нафақа олиб турган. Бироқ расмийлар бу йил мазкур оилани кам таъминланганлар рўйхатидан чиқариб ташлаган ва нафақа тўламай қўйган.