БМТ: Жаҳон бўйлаб қочқинлар сони қарийб 80 миллион нафарга етди

Суриянинг Идлибидаги қочқинлар лагери.

БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги ўтган йили дунё бўйлаб қочқинлар ва кўчган шахслар сони кескин ошиб, рекорд даражага – 79,5 миллион нафарга етди. Қайд этилишича, бу сайёрамиз аҳолисининг тақрибан 1 фоизига тўғри келади.

БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди 18 июнь куни Франс-пресс агентлиги билан суҳбатда ўтган йили дунёдаги қочқинлар сони бирданига 9 миллион кишига (асосан, сурияликлар, афғонистонликлар, венесуэлаликлар, жанубий суданликлар ва бирмалик роҳинжа мусулмонлари ҳисобига) ошганини билдирган. Бор-йўғи 10 йил аввал жаҳонда қочқинлар сони 40 миллион нафар эди.

Грандига кўра, коронавирус пандемияси қочқинлар сони ошишини тўхтатишга муваффақ бўлган, бироқ, афтидан, бу ҳолат узоққа чўзилмайди — ахир “жаҳон иқтисодиётини бирдан тўхтатиб қўёлган вирус урушлар, тўқнашувлар, зўравонлик ва дискриминацияга бас келишга қодир эмас”.

БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги маълумотларига кўра, айни пайтда 45,7 миллион киши ўз мамлакати ҳудудида юрибди, 29,6 миллиони чегарадан ўтган ва қочқин бўлиб ҳисобланади, 4,2 миллион киши хорижда бошпана бериш процедураси якунланишини кутмоқда.

Комиссарликнинг куни кеча ёйинланган ҳисоботида 1990-йилларда ҳар йили ўртача 1,5 миллион қочқин ўз уйларига қайтгани, сўнгги 10 йил ичида эса бу кўрсаткич 390 минг нафарга тушиб кетгани қайд этилади. Шу важдан мажбуран кўчганларнинг келажаги тўғрисида хавотирлар кучайиб бормоқда.

БМТ вакиллари қочқинлар бошқа муаммолар, жумладан озиқ-овқат етишмаслиги каби муаммоларга ҳам дуч келаётганини айтмоқдалар. Дунё бўйлаб ўз уйини ташлаб кетганларнинг қарийб 80 фоизи ана шундай шароитга тушиб қолмоқда. Бунга руҳий зарбаларни ҳам қўшса бўлади, чунки уларнинг аксарияти уруш кетаётган ҳудудлардан қочган кишилардир.