АҚШ суди президентнинг Болтон китобини тақиқлаш илтимосини рад қилди

Жон Болтон 2018 йилнинг апрелидан 2019 йилнинг сентябригача Трампнинг маслаҳатчиси бўлган эди.

АҚШ Федерал суди Дональд Трамп маъмуриятининг миллий хавфсизлик бўйича президент собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон китобини нашр этишни тўхтатиш илтимосини рад қилди.

Вашингтон округ суди судьяси Ройс Ламберт эълон қилган 10 саҳифали ажримда таъкидланишича, президент маъмурияти Болтон китобини нашр этишни тўхтатиш учун етарли даражада далил-исботларни тақдим эта олмаган.

Трамп собиқ маслаҳатчисининг мемуарлар китоби 25 июндан сотувга чиқарилиши кутилмоқда. Ўтган ҳафтада АҚШнинг учта энг йирик газетаси - "Washington Post", "New York Times" ва "Wall Street Journal" Жон Болтон мемуарларидан парчаларни эълон қилган эди.

Болтон мемуарларидан эълон қилинган парчада Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпинга яна бир муддат президентликка сайланишга кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилган ва Хитойда уйғурларни “қайта тарбиялаш лагерлари” ташкил этилишини оғзаки равишда қўллаб-қувватлаган.

Дональд Трамп маъмурияти 17 июнда Болтон китобини нашр этишни тақиқлаш илтимоси билан судга мурожаат қилганди. Трамп маъмуриятининг билдиришича, Болтон китобида миллий хавфсизликка оид махфий маълумотлар мавжуд.

Президент Дональд Трамп 18 июнда Болтоннинг китобини “ёлғон ва тўқимадан иборат тўплам”, деб атади.

Жон Болтон 2018 йилнинг апрелидан 2019 йилнинг сентябригача Трампнинг маслаҳатчиси бўлган эди.