Сардоба тошқини оқибатларини бартараф этишга ажратилган маблағ ҳисоботи берилди

Сардоба тошқинида минглаб уйлар яроқсиз аҳволга келган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Сардоба сув тошқини талафотларини бартараф этиш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши бўйича маълумот берди.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедовнинг АОКАда ўтган брифингда билдиришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги 294-сон қарорига асосан талафот оқибатларини бартараф этиш учун ажратилган 129,7 млрд. сўмнинг 65,6 млрд. сўми ичимлик сув объектларини қуриш-таъмирлаш ишларига сарфланди.

Бундан ташқари кўп қаватли уйларнинг ичимлик ва оқова сув объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун 64,2 млрд. сўм ажратилиши белгиланган. Ушбу маблағ ҳисобидан жами 16 та объектда 106,5 км ичимлик сув, 15,0 км оқова сув тармоғи, 14 та сув иншоотлари, 4 та оқова сув тозалаш иншооти ва оқова сув ҳайдаш насос станцияларини қуриш ҳамда реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Расмийнинг айтишича, 20 июнь ҳолатига кўра, қурилиш-монтаж ишларининг 40-45 фоизи бажарилди.

“Оқолтин тумани “Саховат” маҳалласидаги 12 та, Мирзаобод тумани “Навбаҳор” маҳалласидаги 11 та, Сардоба тумани “Юртдош” ҳамда “Қўрғонтепа” маҳаллаларидаги 13 та жами 36 та кўп қаватли уй таъмирланиши бўйича лойиҳа олди ишлари амалга оширилиб, экспертизадан ўтказилди”, -деди Алипаша Аҳмедов.

Ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш ва уларнинг туташ ҳудудини тиклаш ҳамда ободонлаштириш учун жами 19,1 млрд. сўм маблағ талаб этилади. Хусусан, уйларни таъмирлаш учун 12,1 млрд. сўм ва ободонлаштириш ишларига 7,0 млрд.сўм сарфланади.